“Шўртан” ПФК расмий сайти
Паролни тиклаш
Руйхатдан утиш

Александр ВОЛКОВ: “ШЎРТАН”ГА БЕШ ЙИЛ ДЕГАНДА ЕТДИМ.

Хабарингиз бор, яқинда “Оқ бўрилар” жамоаси бошқарувига тажрибали мутахассислардан бири Александр Волков тайинланди. “Шўртан” – “Насаф” ўртоқлик назорат учрашувидан сўнг, биз сайтимиз ўқувчилари учун Александр Геннадьевич билан Ғузор жамоаси ҳақидаги таассуротлари тўғрисида қисқача суҳбат уюштирдик.

- Сизни “Шўртан” таклифини қабул қилишга нима ундади, аниқроғи ғузорликларнинг нимаси қизиқтириб қолди?

- Тўғрисини айтсам “Шўртан” жамоасига олдиндан қизиқишим баланд эди. Бу жамоада кўпчилик ўртоқларим ишлашган, тўп суришган. Ҳар қайси мураббий қўли остида бўлмасин “Шўртан” жамоасининг ўйин услуби менга доим ёқиб келган. Бу жамоа футболни айнан мен кўрадиганимдек, хоҳлаганимдек (менинг футбол ҳақидаги тасаввуримдагидек) ўйнашган. Ғузорликлар бунақа таклиф билан бундан олдин ҳам чиқишганди, аммо нимадир сабаб бўлиб, таклиф амалга ошмай қолиб кетганди. Лекин бу сафар таклифни қабул қилдим ва кўриб турганингиздек мен Ғузордаман. Сизга бир сирни очаман, “Шўртан”га эришишим учун нақд беш йил керак бўлди (кулади).

- Сиз жамоа билан бир неча кундан бери ишлаяпсиз. “Шўртан”даги ички муҳит, яратилган шароитлар, умуман клуб тўғрисида нима дея оласиз?

- Жамоадаги яратилган шароитлар мақтовга арзигулик даражада. Бу мен учун ҳеч қачон сир бўлмаган, чунки аввал ўйинларга келганимда ҳам кўрганман. “Шўртан”да футболни ривожлантириш, футболчи ва мураббийлар ишлаши учун етарлича зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Жамоада ва қолаверса, Ғузорда мени жуда илиқ кутиб олишди. Йигитлар кўрсатмаларимни бирдан илғаб, тез ўрганишмоқда ва кўтаринки руҳда, ғайратланиб шуғулланишмоқда. Гоҳида уларни тўхтатиб бироз тинчитишга ҳам тўғри келмоқда. Бундан хулоса қилиб айтса бўладики, йигитлар мени яхши қабул қилишди ва бундан жуда бахтиёрман.

- Жамоага янги футболчилар келиб қўшилишмоқда. Қўл остингиздаги ўйинчилар ўртасидаги ўзаро муносабат (тушуниш) ҳақида нима дея оласиз? Улар ўзларини жамоада қандай ҳис қилишмоқда?

- Жамоага ҳозирча деярли янги футболчилар олинганича йўқ. Айни вақтда ихтиёримиздаги бор бўлган футболчилар билан машғулотлар олиб бормоқдамиз. Келиб қўшилган баъзи футболчилар ҳам “Шўртан”да олдин ҳам фаолият кўрсатишган ва бир-бирларига яхши таниш.

- Айни вақтда деярли барча жамоаларда янги мавсумга тайёргарлик палласи авжида. “Шўртан”нинг бу борадаги режалари билан ўртоқлашсангиз?

- Саволингиз анча кенг кўламлидир. Лекин янги мавсумга тайёргарлик борасидаги режалар ҳақида алоҳида гапирадиган бўлсам, улар ўзгарувчан, дея оламан. Бу жамоадаги футболчилар ва уларнинг маҳорат даражасига боғлиқ. Кейинги йиғинимизни Тошкентда ўтказамиз ва у ерда жамоага келиб қўшиладиган футболчиларга қараб, режаларимизга бироз янгилик киритишимиз мумкин. Асосий режамиз янги мавсумга яхши тайёргарлик кўриб, чемпионат ва Кубок баҳсларида “Шўртан”нинг бор имкониятларини максимал даражада кўрсатиб, чиройли ўйинларимиз ва уларнинг натижалари билан мухлисларимизни ҳурсанд қилиш.

- Мухлислар ҳақида гап очдингиз. Кўпгина футбол мухлисларини “Шўртан” нега бир неча мавсумдан бери қишки ўқув-йиғинларни хорижда ўтказмаяпти, бу йил ҳам Тошкентдаги йиғинлар билан чегараланиб қоладими, деган саволлар қизиқтирмоқда?!

- Хорижда йиғин ўтказиш ёки ўтказмаслик жамоанинг раҳбариятига, аниқроғи унинг молиявий аҳволига боғлиқ. Мисол учун мен бу борада ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Сабаби, ўзимизда ҳам қиш мавсуми анча илиқ ўтмоқда ва бу тайёргарлик машғулотлари учун айни муддао, десам янглишмаган бўламан. Об-ҳаво маълумотларига қараганда, бошимизни ушлаб қоладиган даражадаги изғирин қиш бўлиши ҳам кутилмаяпти. Бундан ташқари, ўзимизда сунъий ёки табиий дейсизми, майдонлар ҳам етарли даражада мавжуд. Йиғиннинг қаерда ўтказилиши эмас, қай даражада ўтиши аҳамиятлироқ, деб ҳисоблайман.

- Жамоада қисқа вақт давомида ишлаётганингизга қарамай, уни мутахассис нуқтаи назаридан ўрганиб чиқишга улгургандирсиз? Шундан келиб чиқиб, бўлажак ўйинлар сифати ва натижасига таъсир ўтказиши мумкин бўлган таркибдаги талаб ва эҳтиёжлар, заиф чизиқлар ҳақидаги фикрларингиз қандай?

- Жамоада кучайтириш зарур бўлган чизиқларимиз йўқ эмас. Ҳозир асосий талабимизни, эътиборимизни ҳимоя чизиғидаги камчиликларга қаратяпмиз. Тўғри, ўзимизда ҳам маҳаллий ёш ҳимоячилар бор. Лекин уларнинг тайёр бўлишига бироз вақт талаб этилади. Айни вақтда уларнинг кучи билан янги чемпионат ва Кубок ўйинларида кўнгилдагидек старт ололамиз, дея олмайман. Шунинг учун ҳимоя чизиғимизни бироз кучайтиришимиз зарур.

- “Шўртан” янги мавсумда хорижликлар хизматидан (ёрдамидан) фойдаланмайди ва жамоага маҳаллий футболчиларни жалб этади, деган гап-сўзлар юрибди. Сиз ушбу миш-мишларни (фикрларни) тасдиқлайсизми?

- Маълумотлар миш-миш эмас. Бу клуб Бош Директори Облаёр Расуловнинг талаб ва таклифларидан бири эди ва мен унинг бу борадаги қарорига тўлалигича қўшиламан. Хориждан малакасиз, маҳоратсиз футболчиларни таклиф қиламиз-у, маҳаллий яхши футболчиларимиз ҳақида унутиб қўямиз. Бу борада ЎзПФЛ ҳамда ЎФФ раҳбарияти ўзининг ўринли эътирозларини билдирмоқда. Аслида эса ўзимизда олмос мисоли йигитлар кўплаб топилади. Фақат уларни тарашлаб, қирралаш (чархлаш) учун бироз муддат ва яхши мураббийлар зарур. Биз ҳам бу борада ҳаракатларимизни ишга туширамиз.

- Янги мавсумда “Шўртан” раҳбарияти Сиз бошчилигингиздаги жамоа зиммасига қандай мақсад ва вазифаларни юклади?

- Бу борада сўз очишга ҳали бироз эрта. Мавсум олди гаплашамиз (кулади.)

- Қуръага асосан “Оқ бўрилар”жамоаси янги футбол мавсумини воҳа дербисида, ўзининг энг принципиал деса ҳам бўладиган рақибига қарши учрашув билан бошлайди. Сизнинг фикрингизча, бу ҳолат жамоангизга стимул берадими ёки аксинча бироз ҳайиқтириб қўйдими?

- Ҳар-бир рақиб билан эртами кечми ўйнаймиз. Қайси билан бошида ёки охирида ўйнашимизнинг эса аҳамияти йўқ, деб ҳисоблайман.

- Ўтган мавсумда жамоасининг ўйинлари қовушмаган бир қанча мураббийлар ўйинлар ўртасида юзага келган танаффусларнинг чўзилиб кетганлигидан шикоят қилишганди... Сизнинг бу йилги мавсум тақвими борасидаги фикрингиз?

- Янги мавсум тақвими ҳақида қандайдир фикр беришдан ҳозирча йироқман. Сабаби у тўлалигича аниқ тузилмаган ва белгиланмаган. Хом, деса ҳам бўлади. Шикоятлар борасида эса шуни айтиб ўтишни лозим билдимки, биз шу давлатда яшаймизми, ватанимизни борлигича севишимиз, у билан фахрланишимиз керак. Агар ушбу танаффуслар Ватанимизни чет давлатларда ўзини муносиб равишда кўрсатишига ва уни бутун дунёга танитишига ёрдам бераётган бўлса, бу шикоятларнинг барчаси ўринсиздир.

2016-01-16

Комментариялар:

Комментария колдириш учун сайтга киринг ёки руйхатдан утинг

ОЛДИНГИ УЙИН
2017-06-15 19:00
1:2
Олий Лига 2017 13
КЕЙИНГИ УЙИН
2017-06-20 19:00
0:0
Олий Лига 2017 14
ОЛДИНГИ УЙИН
2016-01-02 10:29
0:0
Биринчи Лига 2015
КЕЙИНГИ УЙИН
2016-01-15 10:00
0:0
Биринчи Лига 2015

Клуб тўпурарлари

Уйинчилар Г У
Уйинчилар Г У

Барча Уйинчилар

Жамоа У О
8Навбаҳор3037
9Металлург3036
10Қизилқум3034
11Шўртан3033
12Қўқон-19123031
13Андижон3028
14Бухоро3026

Тўлиқ жадвал

Жамоа У О

Тўлиқ жадвал